19.07.2018

04:40

13:00

18:05

20:05

21:35

Сўраган эдингиз...

Савол:

Тиланчиларга садақа бериш мумкинми?

Жавоб:

Афсуски меҳнат қилиб, пешона тери билан ризқларини топишлари мумкин бўлгани ҳолда, тиланчиликни ўзларига касб қилган ва шу орқали мол-дунё тўплашни мақсад қилганлар ҳам бор. Уларга садақа бериш мункар ишга ёрдам бериш бўлади. Чунки бир кунга етгулик егулиги бор кишининг тиланчилик қилиши ҳаромдир.

Усмонхон Алимов,

“Сўраган эдингиз…”

Савол:

Ризқ деганда фақат ейиладиган, ичиладиган нарсаларгина тушуниладими?

Жавоб:

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, инсонлар манфаат оладиган, эҳтиёжи учун керак бўлган ҳар бир нарса ризқ ҳисобланади. Ҳатто инсонга бериладиган илм ҳам, ҳидоят ҳам ризқдир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “ Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд, 6).

Бандаларни ана шу ризқни ҳалол йўл билан ахтариш талаб қилинади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз” (Бақара, 172).

Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч бир нафс ўз ризқини тўла олмагунча зинҳор ўлмас. Аллоҳ таолога тақво ила, талаби ризқни тўла қилинглар. Ризқнинг кеч қолиши уни гуноҳ билан талаб қилишингизга олиб бормасин. Аллоҳ таолога ҳузуридаги нарсага фақат у Зотга тоат-ибодат қилиш билан эришилади”, дедилар.

Усмонхон Алимов

“Сўраган эдингиз...”

Савол:

Аллоҳ таолодан кўп йиллар сўраган дуоимиз ижобат бўлиб, бизни фарзанд неъмати билан сийлади. Шунинг шукронасига қўй сўйиб ақиқа маросими иши юришмай, қарзга кириб қолди. Муфтий ҳазратлари, маслаҳат беринг, нима қилай: ақиқа қилганим савоблироқми ёки акамнинг қарзини узганимми?

Жавоб:

Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ақиқа қилиш ихтиёрий амаллар сирасига киради. Қийин вазиятда қолган бир мусулмонга, устига устак туғишган акангизга ёрдам қилиш, машаққатини енгиллатишнинг савоби, шубҳасиз, беқиёсдир. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бир мусулмоннинг дунёда бир мушкулини аритса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги мушкулини осон қилади”, деганлар. Шунинг учун яқинларингизнинг қарзини узинг.

Аллоҳ таоло биз ва сизни доимо эзгу ишларга муваффақ қилсин. Омин.


Усмонхон Алимов

“Сўраган эдингиз...”

Савол:

Ассалому алайкум илм ахли. Бир кишидан қарз олгандм 5000 сом. Энди ул инсонни тополмаяпман. Бу турдаги масалани қандай ҳал этиш мумкин. Нима чора кўришимни маслаҳат берасизлар? Олдиндан раҳмат

Жавоб:

Ва алайкум ассалом! Сиз имкон қадар эгасини топишга ҳаракат қилинг. Агар топа олмасангиз, унинг номидан садақа қилиб юборинг. Агар кейин эгасини топсангиз, унга вазиятни тушунтирасиз. Агар у қайтариб беришингизни талаб қилса, ўзингиз тўлаб берасиз. Валлоҳу аълам.


ЎМИ фатво ҳайъати.
muslim.uz

Савол:

Расул билан Набийнинг фарқи нимада?

Жавоб:

Набий ва расул орасидаги фарқ.

Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:
1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса-ю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо бошқаларга етказишни амр қилмаса, набийдир, расул эмас.
Хулоса шулки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса, бунга амр қилинмагандир. У пайғамбарликни бошқаларга етказадими, етказмайдими, бари-бир.
2. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръонда:
«Албатта, у ҳурматли Расулнинг гапидир» (Таквир: 19) деганда, Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган.
«Расулларимиз Уларни вафот эттирди», (Аъроф: 37) деганда ҳам, фаришталарни ирода қилган.
3. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди. Балки, олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам, ўшанга амал қилишга чақиради».
Ушбу мавзуда яна бир қўшимча маълумот ва мулоҳазани зикр қилиб ўтишга тўғри келади. Қуръони Каримда расул ва набий сўзлари кўп келади. Жумладан, бу икки сўз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо бу сўзларнинг ишлатилишида нозик маънолар борлиги мулоҳаза қилинади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «набий» сўзи ўттиз марта атрофида ишлатилган бўлса, асосан, ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа бўлиш каби масалаларда ишлатилган.
Бинобарин, бу икки сўзни таржима қилишда ҳам шунга эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Иложи бўлса «Расул»ни пайғамбар деб таржима қилсак ҳам «набий»ни таржима қилмай ўз ўрнида қолдирганимиз маъқул бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
http://savollar.islom.uz

Савол:

“Ватанни севмоқ иймондандир”. Бу жумлани ҳаётимизда кўп эшитганмиз, амал қиламиз. Бу ҳадисми ёки ҳикматли сўз?

Жавоб:

“Ватаннинг севмоқ иймондандир” ибораси ҳикматли сўздир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васалламдан ҳам ватанга муҳаббат қўйишликка далолат қиладиган ҳолатлар ривоят қилинган. Шулардан бири: Расулуллоҳ с. а. в. ни қавми Маккадан қувиб чиқарганларида Макка билан хайрлашиб, унга қарата шундай хитоб қилганлар: “Қандаям яхши шаҳарсан, қандаям менга суюклисан! Агар қавмим мени сендан чиқариб юбормаганида, сендан бошқада яшамасдим” Имом Термизий ривоят қилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Савол:

Ҳаж ибодати ҳамма гуноҳларни, жумладан, ўзгаларнинг ҳақларини ва уларга қилинган зулмни ҳам ювиб юборадими?

Жавоб:

Ҳадисларда мабрур ҳаж одамни онадан туғилгандек гуноҳлардан поклаши айтилган. Маълумки, ҳақлар икки хилдир. Аллоҳ таолонинг ҳақи ва бандаларнинг ҳақлари. Аллоҳ таоло Ғофурур Раҳимдир. Ўзининг ҳақини, яъни ибодатларни ўз вақтида бажармаганларни хоҳласа, кечиради. Аммо банданинг бандадаги ҳақларини банда кечирмагунича кечирмайди. Демак, ҳаж ибодати бировга қилинган зулмни ювиб юбормайди. Шунинг учун ҳаж сафарига чиқишдан олдин зиммасидаги ўзгаларнинг ҳақларини адо этиш, зулм қилган бўлса, кечирим сўраш лозим.


Усмонхон Алимов,

“Сўраган эдингиз…”

http://www.ziyo.uz
Савол:

Бир томчи зам-зам суви тушган қудуқнинг суви муқаддас зам-зам сувига айланадими? Умуман муқаддас зам-зам сувини оддий сув билан қанча нисбатда қўшиш мумкин?

Жавоб:

Жавоб:

Ҳеч бир сувни, жумладан, зам-замни ҳам муқаддас дейилмайди. Сиз берган саволлар ҳеч қаерда йўқ. Бу каби ишлар одамларнинг ўзлари қилган ишлардир. Унинг шариатга алоқаси йўқ. Сиз етарли даражада китоб ўқиганингизда бу каби саволлар бермас ва хатоларга йўл қўймас эдингиз. Менинг «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласидаги «Ҳаж ва Умра» номли китобимда бу ҳақда маълумот чиққанига анча бўлди. Кўпчилик олиб ўқиди. Сиз учун ва бошқа мазкур китобни ўқимаганлар учун ўша китобдан баъзи маълумотларни тақдим этишга ижозат бергайсизлар.

ЗАМЗАМ СУВИДАН ИЧИШ ВА ОЛИБ КЕТИШ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичиш учун Замзам тутдим. Бас, у зот тик турган ҳолларида ичдилар».
Осим айтди: «Икрима, у зот ўша куни туянинг устида эдилар», деб қасам ичди.
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Муслимнинг лафзида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Замзамдан, пақирда ва тик турган ҳолларида ичдилар», дейилган.
Шарҳ: Шунинг учун бўлса керак ўлкамизда Замзамни тик туриб қиблага қараган ҳолда ичиш одат бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши ўзлари билан Замзам сувини кўтариб оларди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан кўтариб олишлари ҳақида хабар берарди».
Термизий ривоят қилган. ва, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Худди шунга амал қилиб бугунги кунгача миллионлаб мусулмонлар Замзамдан ўз юртларига кўтариб олиб кетадилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир», дедилар».
Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳибон ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, Замзамни ким нима ният билан ичса, ўша ниятига эришади. Бу ҳақиқатни кўпчилик мухлис кишилар ўз тажрибаларидан ўтказганлар.
Имом Дора Қутний ва ал-Ҳокимлар келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир. Уни шифо талабида ичсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Уни паноҳ талабида ичсанг, Аллоҳ сенга паноҳ беради. Агар уни чанқоғингни кесиш учун ичсанг, Аллоҳ чанқонғингни кесади. Агар уни тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени тўйдиради. У Жаброилнинг ишорасидир. У Исмоилнинг ичимлигидир», дейилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
http://savollar.islom.uz