20.01.2018

07:00

13:00

15:50

17:50

19:20

Инсонни тафаккурга чорлайдиган аломатлар

12.01.18

Инсонни тафаккурга чорлайдиган аломатлар

Улуғ ҳикмат соҳиби Аллоҳ таоло «Жосия» сурасининг 3- ояти каримасида марҳамат қиладики:

« Албатта, осмонлару ерда мўъминлар учун оят(белги)лар бордир».[1]

Ушбу ояти каримага мувофиқ, табиатдаги тирик организмларнинг ҳаёт кечиришига тафаккур назаримиз билан қарасак, қуйидаги боғланишни кўришимиз мумкин.

1.Бир жойда яшайдиган организмлар бир-бирига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди;

2.Бир жойда яшайдиган организмларнинг биттаси ёки иккаласи ҳам салбий таъсир остида бўлади; (Паразитлик, йиртқичлик).

3.Бир жойда яшайдиган организмларнинг биттаси ёки иккаласи ҳам фойда олади.

Учинчи ҳолат бўйича фикр юритсак. Бир жойда яшаш иккала организм учун ҳам фойдали бўлиш ҳолати «Мутуализм» (Лотинча- «Mutus»—ўзаро) дейилади.[2] Масалан: Микориза замбуруғлари ўсимликларнинг илдизларига яшай туриб, уларнинг илдизларига фосфор ва минерал моддаларни етказиб беради. Ўз навбатида замбуруғлар ҳам, илдизлардан углерод ва бошқа органик моддаларни олади. Ўрмонларда ёғоч қипиқлари билан озиқланиб яшайдиган чумолиларнинг(Термит) айримларининг ичида бир ҳужайрали хивчинли содда ҳайвонлар яшайди. Ушбу чумолилар организмида ўша ёғоч қипиқларини парчаловчи ферментлар йўқлиги сабабли, бу вазифани бир ҳужайрали хивчинлилар бажаради. Яъни ёғоч қипиқларини парчаловчи ферментларни хивчинлилар ажратади. Чумолиларнинг хивчинлиларсиз яшай олмаслиги-ю, хивчинлиларнинг ҳам, фақат ўша чумолиларнинг ичагида яшашга «маҳкумлиги» ҳақида нима дейишимиз мумкин? Бундай ҳолатни Улуғ ва ҳикматли Яратгувчининг хоҳиши ва изни иродасисиз юзага келиши, мутлоқа мумкин эмаслигини ҳар қандай инсофли одам яхши англайди.

Беда илдизида истиқомат қиладиган махсус бактериялар озиқланиши натижасида, боғланмаган азот ўғитга айланади. Демак, бактерияларнинг ўз “нафсини қондириши” яшил ўсимликларнинг яшашига, яшнашига энг муҳим омил ҳисобланади.

Инсонни тафаккурга чорлайдиган аломатлардан бири—чучук сувда кун кечирадиган айрим балиқлар тухумларини икки паллали юмшоқ танли—тишсизнинг мантия бўшлиғига қўяр экан. Балиқ тухумлари чиғонақ ҳимоясида бўлиб, унга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Улар бу юмшоқ танлидан фақат яшаш жой сифатида фойдаланадилар. Ажабо! Бу балиқларга бундай антиқа усулда тухумларини “ижарага” қўйишни ким ургатди экан?

Акулалар ҳам тишларини антиқа усулда тозалашар экан.Улар ўлжаларини еб бўлгандан сўнг, сув юзасига чиқиб, оғизларини очиб туришар экан. Бунинг ҳикмати шундай эканки, тишларидаги овқат қолдиқларини лойхўраклар «иштаҳа билан» тозалаб қуйишар экан.

Ажабо! Бундай услубдаги овқатланишни лойхўраклар кимдан ўргана қолибди?

Ва яна аксинча, бегимотлар ҳам озиқланиб бўлишгач, йирик сув ҳавзаларига тушиб олишар экан. Улар баҳайбат оғизларини очганда, балиқлар галаси ҳеч сесканишмасдан бегимотнинг тишлари орасидаги озуқа қолдиқларини иштаҳа билан баҳам кўришар экан. Ақлли бегимотлар балиқлар ўз ишларини якунлаганларидан сўнгина оҳисталик билан оғизларини ёпишади. Балиқларни қўрқмасдан баҳайбат ҳайвоннинг улкан оғзига бемалол кириб озиқланиб юришлари ва бундай антиқа усулда тиш тозаланиши ким томонидан ўргатилган экан?

Ёки мана бу мўъжизавий, тафаккур қилишга чорлагувчи ҳолатга диққат қилинг. Аниқланишича, бутун Африкада иккита тамомила бир хил жирафани топиш мумкин эмас экан. Бир қараганда бу ҳайвонлар бир-биридан деярли фарқланмайди.

Лекин Кениядаги қўриқхона ходимлари томонидан турли мамлакатларда ўтказилган кўплаб тадқиқотлар натижасида равшан бўлдики, ҳар бир жирафанинг бўйнида фақат ўзига хос бўлган доғлар мавжуд бўлиб, уларнинг нақши бошқасида такрорланмас экан. Жирафага хос бўлган бу мўъжизавий ҳолни, олимлар ҳали изоҳлаб беролмаган ҳодиса – одамларнинг бир бирига мутлақо ўхшамайдиган бармоқ изларига ўхшатса бўлади. Зеро Аллоҳ Таоло “Раъд” сурасининг 4- ояти каримасининг охирида :

«...Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир»[3] деб марҳамат қилмоқда. Аммо биз қачон тафаккур юритамиз-у, қачон бу аломатларни англаб етамиз?!

Бу аломатларни англаб олмоғимиз учун эса, диний фанлар билан бир қаторда, албатта дунёвий фанларни ҳам яхши ўқиб ўрганмоғимиз лозим бўлади. Аслида Ислом динида илмни диний ва дунёвий деб ажратилмайди.

Ёки какку қушнинг қуйидаги айёрона ишларини қандай тушунишимиз мумкин? Руминиядаги Орадия шаҳрида жаҳоннинг 78 мамлакатидан келтирилган 750 қуш турининг 10 мингдан зиёд тухумини ўзида мужассам этган антиқа музей мавжуд. Мисол учун ушбу коллекцияда каккунинг тахминан 150 га яқин хилма-хил тухуми бор.Ажабо, биргина қуш турли туман тухум қўйиши мумкинми? Ниҳоят зоологик ҳақиқат аниқланди: Энг муҳими шундаки, какку тухум қўйишдан олдин, қораялоқ, жиблажибон, малиновка,сойка ва шулар сингари қушларнинг инларидаги тухумларни кўриб, айнан уларнинг тухумларига ўхшаш тухумини бемалол ташлаб кетаверар экан-ки, бу тухумларни угай ота-оналар парваришлаб, вояга етказар экан.

Демак, мўъмин кишигина, тафаккур қиладиган қавмгина ерда ҳам, осмонда ҳам, ҳатто ўзида ҳам Аллоҳнинг буюк, қудратли яратувчи зот эканлигига далолат қилгувчи аломатларни кўриши мумкин. Аллоҳнинг ҳидоятидан маҳрум, ғафлатда юрган кишилар учун эса, бу мўжизаларнинг ҳаммаси бўлиши мумкин бўлган оддий оддий бир ҳолдир. Худди шундай бўлиши лозимдек. Улар ўзларича мўъжиза кутишади, мўъжиза талаб қилишади. Аслида, табиатнинг ўзи, борлиқдаги барча мавжудотлар, уларнинг яшаши, ҳаракати, аниқ бир қонуният асосида бошқарилиши мўъжиза эмасми?

Қутб оқ айиғи ҳеч қачон саҳрога яшашга интиқ бўлмаганидек, жазирама чўлнинг камтаргина хизматчиси бўлмиш туя ҳам, қаҳратон муз қояларига бориб яшашга орзуманд бўлмаслиги ҳақиқатдир.

Ҳайвонот оламида кишиларни лол қолдирадиган аломатлар фақат бугина эмас. Қимматли вақтингизни олган ҳолда, айримлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Аксарият ҳолларда, ҳайвонларнинг, паррандаларнинг ёки ҳашоратларнинг ташқи ранги, шакли ўзи яшаётган муҳитга ўхшаш бўлади. Бешиктерватар, ниначилар, яшил чигирткалар ва шунга ўхшаш ҳашоратлар яшил япроқлар орасида яшаганидек, бошқа жониворларнинг ҳам, ўз ранглари ёки кўринишларига мос жой топганликлари уларнинг фаросатларига далолатми, ёки Яратгувчи Зотнинг ҳикматигами? Куропаткин деган қушнинг ёз фаслида бошқа, қишда бошқача “либос” кийишини қандай изоҳлаш мумкин?

Балиқларнинг увилдириқ ташлаш жойига миграцияси ҳам, эволюциянинг тасодифий ҳодисасими ёки Яратгувчининг бетакрор мўъжизасими?

Шу ўринда “Ёшлар” телеканали орқали намойиш этилаётган илмий-маърифий кўрсатувнинг бир сонида, пингвинларнинг урғочиси тухумларини эркакларига ишониб топшириб, бир қанча вақт озиқланиб, куч-қувватга тўлишлари учун сафарга чиқишлари ҳақида маълумот берилди. Бу вақтда ота пингвинлар тухумларини оёқлари орасида, совуқдан сақлаб турадилар. Бу онгсиз махлуқдан ибрат олишимиз лозим бўлган жиҳатлари ҳам борки, кучли қор-бўронли совуқларда ҳам, йиртқич қушлар ҳужум қилганда ҳам, тухумларини ташлаб кетишни хаёлларига келтирмайдилар. ( Ҳаётда ўз жигаргўшаларини кўча-куйда ташлаб кетаётган кимсалар ҳақида эшитиб қоламиз). Улар бу совуқда жон сақлашлари учун тўдалашиб, бир–бирига жипслашиб оладилар. Тўданинг ташқарисидагилар билан ичкарисидагилар вақти–вақти билан ўрин алмашишади. Иссиққина жойини бировга бериш ҳатто ҳазрати инсонга ҳам малол келса-да, лекин бу ҳайвонлар бундай ишга олийжаноблик ила, виждонан ёндашадилар.

Ўрмонда яшаётган маймунлар турли-туман дарахтларнинг аччиқ баргларини истеъмол қилиши натижасида, ошқозонлари оғриб қолганида, одамлар тайёрлаб, ғамлаб қўйган ёғоч кўмирни ўғирлаб қочар экан. Табобатдан бехабар бу маймунлар, ана шу ёғоч кўмир, ошқозон оғриғи учун даво эканлигини қачон, кимдан ўрганибди экан?

Касал бўлиб қолган қарғалар, печканинг мўрисидан чиқаётган тутунга ўзларини урганликларини боиси шунда эканки, улар, бир муддат шу тутун ичида бўлишса, касалликларидан асорат ҳам қолмас экан. Ёки, ўша ўрмон қарғалари, чумолиларни уясига туриб, уларни ғашига тегади. Жаҳли чиққан чумолилар қарғага ёпирилиб, унга ўзларидан чумоли кислотасини сепишади. Бу фурсатда қарға ҳузур билан ҳатто қанотларини ҳам ёйиб юборади. Чумоли кислатаси қарғадаги турли паразит ва бактерияларни қириб ташлайди. Ажабо! Биз онгсиз деб ҳисоблаган бу қушлар, қайси табобат билим юртида таҳсил олишган экан?

Ҳайвонларнинг, қушларнинг турли-туман шаклдаги уя, ин қуриб олишлари ҳам, яшаш турмуш тарзи ҳам, табиатнинг тасодифий ҳодисаси бўлмай, билъакс, Яратгувчининг иродаси эканлигини англамоғимиз фурсати келди.


Пармонқул РАСУЛОВ,

"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом

билим юртининг ўқитувчиси.





[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири Ҳилол”. Тошкент2008. 7-жуз, 499-бет

[2] Биология. А.Г.Ғофуров, К. Нишонбоев ва бошқалар. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун. “Шарқ”, 2007.146 бет

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири Ҳилол”. Тошкент2008. 7-жуз, 249-бет