20.01.2018

07:00

13:00

15:50

17:50

19:20

УЙГА КИРИШ ОДОБЛАРИ

11.01.18

УЙГА КИРИШ ОДОБЛАРИ

Ислом таълимотида мусулмон кишига барча ҳолатларда амал қилиши лозим бўлган нарсалардан бири ўз уйига киришдаги одоблар ҳисобланади. Шундай экан, мусулмон киши қуйидаги одобларга амал қилиши керак бўлади:

Биринчи одоб: Эшикни секинроқ тақиллатиш:

Киши уйига кираётганда эшикни секинроқ тақиллатиши ёки қўнғироқни секин босиши керак бўлади. Чунки, уйдагиларни қўрқитадиган, қалбига ғулғула соладиган даражада қаттиқ тақиллатишига, қўнғироқни кетма-кет, тез-тез босишига бирор сабаб йўқ. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг эшикларини қаттиқ тақиллатган кишига: “Бу миршабларнинг тақиллатиши” деган эканлар.

Иккинчи одоб: Уй ичидагиларга кирганини билдириш:

Яъни уйдагилар кирганига эътибор бермаган бўлсалар, тўсатдан кўриб қолиб чўчиб кетмасликлари учун йўтал ёки оёғини ерга уриш билан уйга кирганини билдириб қўйиши керак бўлади. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши уйига кирса, йўталиши ёки оёқ кийимини ерга уриши мустаҳаб бўлади” деганлар. Омир ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳ: “Отам уйга кирсалар, уйдагилар яхши кўрадиган нарсаларини айтишдан бошлар ва овозларини кўтарар эдилар” деди. Абдуллоҳ ибн Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: “Отам масжиддан қайтиб уйга кирсалар, уйдагилар келганларини билиши учун оёқларини ерга урар эдилар, кўпинча эса, йўталар эдилар” деди.

Учинчи одоб: Ўнг оёқ билан кириш:

Ҳар бир ишни ўнг томондан бошлаш Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳисобланади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларидан келганича барча ишларни ўнг томондан бошлар эдилар” Имом Насоий ривояти.

Тўртинчи одоб: Уйга киришда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш:

Уйга киришдан олдин Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш уйни ва уй эгаларини шайтондан сақлайди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Киши уйига кирганда, таомланаётганда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилса, Шайтон: “Бу ерда бизга бошпана ҳам, таом ҳам йўқ” дейди. Мабодо уйига кирса, Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилмаса, Шайтон: “Бошпана топдик”, овқатланишдан олдин ҳам Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилмаса, “Бошпана ҳам, таом ҳам топдик” дейди” деб марҳамат қилдилар. (Имом Муслим ривояти). Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Киши уйига кирадиган бўлса, “Эй Аллоҳим, мен сендан энг яхши кирадиган ўринни ва энг яхши чиқадиган ўринни сўрайман, Аллоҳ таолонинг номи билан кирдик, Аллоҳ таолонинг номи ила чиқдик ва Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик” (Аллоҳумма инни асалука хойрол мавлажи ва хойрол махражи, бисмиллаҳи валажна ва бисмиллаҳи хорожна ва ъалаллоҳи таваккална)десин. Сўнгра уй ичидагиларга салом берсин” дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).

Бешинчи одоб: Уйдагиларга салом бериш:

Юқоридаги ҳадисдан кўриниб турибдики, уйга салом бериб кириш Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан. Агар салом бериб кирадиган бўлса, уй эгаларининг муҳаббатини қозонади, умр йўлдошига нисбатан янада эътиборли эканини билдиради, ўзаро меҳр муҳаббат шуъласини алангалатган бўлади.

Олтинчи одоб: Мисвок ишлатиш:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уйларига кирсалар, биринчи қиладиган ишлари мисвок ишлатиш эди” (Имом Муслим ривояти). Чунки, мисвок билан оғиз тозаланади, бадбўй ҳиди кетади ва бу қилган иши умр йўлдошига нисбатан беэътибор эмаслигини билдиради.

Еттинчи одоб: Икки ракаат намоз ўқиш:

Уйдан чиқиб кетганида икки ракаат намоз ўқиганидек, уйга кирганида ҳам икки ракаат намоз ўқиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:“Уйингдан чиқсанг икки ракаат намоз ўқи, уйингдан ёмонлик чиқишидан сақлайди, агар уйинга кирсанг, икки ракаат намоз ўқи, уйинга ёмонлик киришидан сақлайди” деб марҳамат қилдилар. (Баззор ривояти).


Хайрулло Мардонов,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси.