20.01.2018

07:00

13:00

15:50

17:50

19:20

Сабр имоннинг бошидир

10.01.18

Сабр имоннинг бошидир

Инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва энг қадрлиси, инсон камолотининг белгиси сабрдир. Сабрнинг ўзи нима экани ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Арабча “сабр” сўзи луғатда “чидам, тоқатли бўлиш, тийилиш, бардош” маъноларини англатади. Истилоҳда эса қийинчилик ва мусибатларга бардош бериш, жисм ва кўнгилга номувофиқ ҳолларда қайғуга ва тушкунликка тушмаслик, шошма-шошарлик қилмаслик “сабр” дейилади. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидамга чақирилади ва Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо биргалиги хабари берилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Аллоҳ албатта сабр қилувчилар билан биргадир”.

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло мўминларни сабр бобида ғанимлардан ҳам устун бўлишга ва фақат Ўзидангина қўрқишга чақиради:

“Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”!

Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳиссалом, хўрлаш-қийноқларга дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммаддан (алайҳиссалом) олдин ҳам барча элчиларини ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларда сабр кўрсатишга буюрган.

Ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбарини ҳам, мусулмонларни ҳам даъватни етказишда, инсонларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантиришда ниҳоятда сабрли бўлишга чақирмоқда. Исломнинг илк даврида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ваҳийларини маккаликларга етказиш, уларни ҳақ динга даъват қилишда катта қийинчилик, мусибат ва озорларга дуч келдилар. Буларни фақат сабр-бардош билангина енгиш мумкин эди. Чунки сабр инсоний фазилатларнинг энг муҳими ва афзалидир. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига бундай амр қилади:

“Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва уларга (тушадиган азобни) қистаманг” !

Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин”да бундай ёзадилар: “Сабр – шаръий ҳукми эътиборига кўра фарз, фазилат, макруҳ каби турларга бўлинади. Ман этилган нарсаларга сабр қилиш, яъни уларни қилмаслик фарздир; яқинлари оламдан ўтганида сабр қилиш фазилатдир; шаръан макруҳ бўлган жиҳат билан етказилган озорга сабр қилиш макруҳдир”.

Сабр энг олий фазилатлардан, сабр туфайли зафарга эришилади, унинг меваси ниҳоятда ширин бўлади. Сабрнинг акси сабрсизликдир. Сабрсизлик нима?

Сабр – нафснинг юксак хулқларидан бири. Пайғамбар (алайҳиссалом) сабрни уч турга бўлиб, ибодатда чидам, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат-машаққатларга чидамга буюрганлар. Ҳадиси шарифда: “Сабр имоннинг ярмидир”, дейилган. Ақлли бандалар Аллоҳ таоло розилигини умид этиб сабр қиладилар, чунки сабрга катта ажр-мукофотлар ваъда қилинган:

“Илло, сабрли бўлган ва эзгу ишларни қилганларга, айнан ўшаларга мағфират ва катта мукофот бордир”.

“на сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар”.

Парвардигор ваъда беряптики, қиёмат куни мўминлар дунё ҳаётидаги бандаликнинг,тоат-ибодатнинг қийинчилик-машаққатларига сабр қилишгани учун жаннат боғлари ва гўзал ипак либослар билан тақдирланишади. Эркакларга дунё ҳаётида ипак либослар, ипак тўшак-кўрпачалар ҳаром қилинган эди, охиратда эса уларнинг либослари қалин ва юпқа ипаклардан, кўрпачаларининг астари ҳам шойи-ипакдан бўлади.

Пайғамбар (алайҳиссалом) қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар, чунки намоз сабрга битмас-туганмас сабр қўшувчи сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. Сабр инсонни оқибат чексиз-ҳисобсиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жоним измида бўлган Зотга қасам, Аллоҳ таоло мўмин банда учун нимани етказса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади – унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади – унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади”, деганлар.

Айниқса, мусибат етганида мусулмон киши сабрли бўлиши ва Ҳақ таолонинг ўзи ўргатган истиржоъ (“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” – “Албатта, ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва, албатта, ҳаммамиз Унга қайтгувчимиз”) дуосини айтиши, ҳамма нарса Аллоҳ таолоники ва бари Унга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиш керак. Уламолар: “Мусибатга илк тўқнашгандаги сабр муҳим, чунки вақт ўтгач киши хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам сабр этади. Ақлли киши мусибатнинг бошида чидаган кишидир”, дейишган.

Аллоҳ таолонинг савобига эришиш учун сабр-чидам керак, Ҳақ йўлида “чиройли сабр қилиш” керак. Аммо сабр дегани жим-ҳаракатсиз туриш, дегани эмас, Аллоҳ таоло айтганидай чидам билан юриш деганидир. Шундагина Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига эришилади. Ҳадиси шарифда: “Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ҳадя берилмаган”, дейилади.

Мусулмон киши турмушини яхшилаш йўлида имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб ҳаракат қилаверади, аммо ризқни Аллоҳ таоло беришини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига етган ризқ-насибани Аллоҳ таолодан деб билади. Оз бўлса ҳам бошини тик тутиб кун кўради, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки мусулмон одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқмайди. Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигида эканини эсдан чиқармайди.

Баъзан ўзига берилган ризққа сабр этмай, ҳаракат қилмай “осон” меҳнат топишга интиладиган ўз номуси-орини уялмай аҳли-оиласини қийин аҳволга солиб бегона юртларда одам савдоси қурбони бўладиганлар ҳам топиладики, бу айни сабрсизликнинг ношукрликнинг оқибатидир.

Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик таклифларини, буйруқларини етарлича адо эта олмайди. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишидаги хислатларнинг энг ёмони дунёга ҳарислик, сабрсизлик, ўта бахиллик, қўрқоқлик ва ўзини тия билмасликдир”, деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд).

Ҳадиси шарифларда келишича, Аллоҳ таоло: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, уни фақат жаннат билан тақдирлайман”, дейди. Яна бошқа ҳадисда: “Сабр жасаддаги бош каби эканини билинглар. Жасаддан бош ажралса, жасад ҳеч нарсага ярамайди, шунингдек, ишлардан сабр кетса, бузилади”, дейилади. Уламолар айтишларича, уч нарса – садақани, оғриқни ва мусибатни яшириш яхшилик хазинасидир.

Қуръони каримнинг аксари оятларида сабр намоз билан ёнма-ён зикр этилган. Бу бежизга эмас. Сабр инсонни комилликка элтувчи, нафснинг васвасаларидан қутқарувчи, имонни сайқалловчи энг яхши хислатлардандир. Пайғамбар алайҳиссалом: “Бош тана учун қанчалик керакли бўлса, сабр ҳам имон учун шунчалик кераклидир”, деганлар (Дайламий). Яна бир ҳадисда: Сабр – ёруғликдир”, дейилган. Зеро, сабр нур каби қийинчилик зулматини кетказади ва ҳақиқатни намоён қилади. Ҳакимлардан бири: “Ким боқийликни истаса, мусибатларга сабрли қалб ҳозирласин”, деган. Имом Қуртубий: “Кишининг ичидаги жиззакиликни йўқотиши ва Аллоҳдан бошқага шикоят қилмаслиги чиройли сабрдир”, деган.

Чунки Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳларидан пок бўлиб туради”.

Инсон насли Аллоҳ таолонинг Ўзи билган ҳикматига кўра бесабр қилиб яратилган. Ҳақиқатан, инсонга бирор хасталик келиши билан дарров «оҳ-вой»га тушади, тузалгунча сабр қилолмай ўзини ҳар томонга уради. Бирор ишга киришса, тезроқ ҳал бўлишини истайди. Бошқалар манфаатини ҳатлаб бўлса ҳам ўзининг иши тезроқ битишини хоҳлайди. Кун сал исиб кетса ҳам, совиб кетса ҳам, қорни очиб кетса ҳам, тўйиб кетса ҳам бесабрлик ва бетоқатлик қилаверади. Ҳақиқатан Аллоҳ раҳматидан ноумид кимсалар бошларига сал мусибат ё синов келса, бесабрлик қилишади. Фиғон чекиб, қисматларидан нолишга тушишади. Бундай ҳолатларга сабр- бардошни қарши қўйиш керак. Шунинг учун Ислом мўмин-мусулмонларни ҳамиша сабрли бўлиш, Аллоҳ тақдир қилган ҳамма нарсага кўнишга чақиради. Зеро, сабр мўминларнинг энг мақталган фазилатларидандир.

Имом Мусоҳибий: “Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади", деган. Сабр имоннинг бошидир. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, имон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир. Абдулқодир Жийлоний айтган: "Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади".

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг собир, яъни сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлборувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин!


Солихон СУЛАЙМОНОВ,

Шаҳрисабз тумани “Оқ масжид” масжиди имом-хатиби.